Ҳамкасблар бирдамлигини ўйлаш вақти келди!



mulohaza

Ҳамкасблар бирдамлигини ўйлаш вақти келди!

Ўзбекистон Республикасининг “Адвокатура тўғрисида”ги Қонуни 4-моддасида адвокатура фаолиятининг принциплари ва ташкилий шакллари белгиланган бўлиб, унда “Адвокатлар адвокатларнинг жамоат бирлашмаларини тузиши мумкин” дея эътироф этилган. Аммо савол туғилиши мумкин: бундай жамоат бирлашмалари адвокатларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан нимаси билан фарқ қилади?

Ҳа, адвокатларнинг жамоат бирлашмалари мақсад ва вазифаларига кўра ростдан ҳам адвокатларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўхшаш бўлиши мумкин. Лекин ўзига аъзо бўлган адвокатлар билан муносабат қуриш борасида фарқли жиҳатлар мавжуд.

Маълумки, бизда 1998 йилда адвокатларнинг жамоат бирлашмаси сифатида Ўзбекистон Адвокатлар Ассоциацияси илк бор ташкил топган ва 2003 йилдан тўлақонли фаолият юрита бошлаган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 1 майдаги Фармони билан эса у қайта ташкил қилиниб, ўзини ўзи бошқариш органи — Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига айлантирилди. Шу боис ҳозир бизда адвокатларнинг жамоат бирлашмаси мавжуд эмас. Аммо биз бу мақоламизда уларнинг (аввалги ва кейинги ташкилотнинг) мақоми, бошқариш услуби ва адвокатлар билан бўладиган муносабатларини таҳлил қилмоқчи эмасмиз. Балки хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган адвокатлар жамоат бирлашмаларидан бирининг  тажрибаси билан ўртоқлашмоқчимиз. Зеро, Европа, АҚШ, Россия Федерацияси каби дунёнинг бир нечта мамлакатларида адвокатларнинг халқаро, минтақавий ва миллий жамоат бирлашмалари ташкил этилган бўлиб, улар адвокатларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан параллел равишда, ҳамкорликда фаолият юритади. Шулар орасидан биз ҳуқуқий кўлами ва амалиёти жиҳатидан бизга яқин бўлган Халқаро Адвокатлар (ҳамкорлиги) уюшмасини (Бундан кейин — ХА(Ҳ)У) танладик. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси аъзоси бўлган адвокатлар орасида ҳам, якка тартибда (индивидуал) бўлса-да, ХА(Ҳ)Уга қўшилган ва унинг турли тадбирларида узоқ йиллардан буён фаол иштирок этиб келаётган ҳамкасбларимиз бор. Жумладан, 2005-2007 йиллардаёқ 200 га яқин ўзбекистонлик адвокатларнинг ушбу ташкилотга аъзо бўлганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Тарихга назар ташласак, собиқ Иттифоқ ҳудудида ва иттифоқдош республикаларда ўтган асрнинг 90-йилларига қадар адвокатлик тузилмасининг ягона шакли сифатида адвокатлар ҳайъ­атларигина фаолият юритиб келганига гувоҳ бўламиз. Аммо уларни ягона тизимга бирлаштирадиган ва ҳимоя қилиш функциясини таъминлайдиган адвокатлар жамоат ташкилоти тузилмаган. Зеро, коммунистик мафкура билан қуролланган давлатда адвокатларнинг жамоат ташкилоти ёки ўзини ўзи бошқарадиган ташкилоти тузилиши ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас эди. Чунки собиқ Иттифоқда, барча соҳада бўлгани сингари, адвокатура тизими ҳам тўлиқ давлат томонидан (аввалига судлар томонидан, кейинчалик Министрлар Советининг “Юридик комиссияси” томонидан, охирги йилларда эса Адлия вазирлиги томонидан) бошқариб келинган эди.

Фақат собиқ Иттифоқ таназзулга юз тутиб, парчаланиш арафасига келиб қолган бир пайтда бутун мамлакат миқёсида адвокатларнинг ўз касбий жамоат бирлашмаларини тузиш борасидаги саъй-ҳаракатлари кучайиб кетди. Унинг натижасида эса 1989 йилнинг 24-26 февраль кунлари Москвада СССР Адвокатлар ушмасини ташкил этиш бўйича қурултой бўлиб ўтди. Унга Озарбайжон, Арманистон, Белоруссия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Молдавия, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Украина ва Ўзбекистондаги адвокатлар ҳайъатларида (жами 160 ҳайъат) фаолият юритаётган 26000 адвокат ичидан 520 нафар делегат сайланиб, шулардан 507 нафари қурултойда иштирок этди (жумладан, Ўзбекистондан 38 нафар делегат иштирок этган ва шулардан 17 нафари ўзбек миллатига мансуб бўлган) ҳамда шу қурултойда СССР Адвокатлар уюшмаси ташкил этилганлиги эълон қилинди.

Таъкидлаш жоизки, СССР Адвокатлар уюшмаси раиси лавозимига икки кишининг номзоди кўрсатилган бўлиб, улардан бири Москва шаҳар адвокатлар ҳайъати раиси Г.А.Воскресенский бўлса, иккинчиси Тошкент вилояти адвокатлар ҳайъати раисининг ўринбосари, юридик фанлар доктори И.А.Либус бўлганди (Сайловда юридик фанлар номзоди, Россияда хизмат кўрсатган юрист Георгий Алексеевич Уюшмага Президент этиб сайланган ва у ҳозирга қадар шу лавозимда ишлаб келмоқда). Шунингдек, Уюшма раиси ўринбосари лавозимига кўрсатилган номзодлар орасида ҳам яна бир юртдошимиз — Сирдарё вилояти адвокатлар ҳайъатининг вакили, юридик фанлар номзоди А.И.Абасов бор эди. Гарчи бу иккала номзодимиз ҳам сайловда ютқазиб қўйган бўлса-да, шу тарихий фактнинг ўзи СССР Адвокатлар уюшмасини ташкил этишда ўзбекистонлик адвокатларнинг обрўйи залворли бўлганлигидан далолат беради.

Маълумки, орадан кўп ўтмай Иттифоқ парчаланиб кетди. Бу эса ўз-ўзидан СССР Адвокатлар уюшмасини ҳам қайта ташкил этишни тақазо қилди ва 1992 йилнинг 21 майида Халқаро Адвокатлар (ҳамкорлиги) уюшмасига айлантирилди.

МДҲга аъзо давлатлардаги адвокатларни бирлаштириш учун тузилган мазкур Уюшманинг асосий мақсади сифатида эса қуйидагилар белгилаб олинди:

– МДҲ мамлакатлари, бошқа давлатлар адвокатлари ва адвокатлар жамоат бирлашмаларининг ўзаро ҳамкорлиги, бирдамлиги ва ўзаро ёрдамини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

– уларнинг халқаро касбий ва маданий алоқаларини кенгайтириш;

– дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган адвокатлик стандартлари ва принципларини ҳамда адвокатлик фаолиятининг ахлоқий асослари ва адвокатлар мустақиллиги кафолатларини тарғиб қилиш;

– аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга ёрдам бериш;

– ташкилот аъзоларининг ҳуқуқ ва эркинликларини, қадр-қимматини ҳимоя қилиш.

Шунингдек, қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари саналади:

– адвокатларнинг халқаро, миллий, минтақавий ва бошқа нотижорат жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш;

– ташкилотнинг нашрий органларини таъсис этиш ва ноширлик фаолияти билан шуғулланиш;

– жаҳондаги энг яхши адвокатлар тажрибасини ўрганиш ва тарғиб қилиш;

– халқаро конференциялар, конгресслар ва семинарлар ташкил этиш;

– давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг илтимосига кўра норматив актларни жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш ҳамда адвокатура ва адвокатлик фаолиятига оид қонун ҳужжатлари ишлаб чиқишга амалий ёрдам кўрсатиш.

Шунингдек, Уюшма Уставида яна бошқа қатор вазифалар ҳам белгиланган.

ХА(Ҳ)У ихтиёрий аъзоликка асосланган. Унга аъзолик икки хил йўл билан амалга оширилади: якка тартибда (жисмоний шахс сифатида) ва юридик шахс таркибида (адвокатлик фаолиятининг ташкилий шакллари, ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари орқали). Уюшма тўрт йилда бир марта ўтказиладиган Ассамблея (қурултой, анжуман)да Бошқарув, Раёсат, Президент, Вице президентлар ва Тафтиш комиссиясини сайлайди. Нашрий органи “Адвокат” журнали бўлиб, у ҳар ойда бир марта чоп этилади. Шунингдек, МДҲ давлатларининг айримларида ва Швейцария (Женева шаҳри)да Уюшманинг ваколатхоналари мавжуд.

ХА(Ҳ)Унинг ўтган даврдаги фаолиятига назар ташлаганимизда ҳам Уюшма томонидан адвокатларнинг ўзини ўзи бошқариш органи саналадиган адвокатлар палаталари ва адвокатларнинг жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликда турли тадбирлар, жумладан, халқаро ва минтақавий анжуманлар ташкил этиш, МДҲ мамлакатларининг адвокатурага оид қонун нормаларини экспертизадан ўтказиш (сўровга кўра) ҳамда уларни кенг тарғиб қилиш каби ишларни амалга ошириб келаётганлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги Фармони Уюшманинг “Адвокат” журналида чоп этилиб, унинг мазмун-моҳиятини ёритишга бағишланган мақолалар ҳам эълон қилинган.

ХА(Ҳ)У йилда икки марта Бошқарув мажлиси, бундан ташқари, йилда икки марта (март ва октябрь ойларида) халқаро анжуманлар ташкил этиб, ташкилот аъзоларини таклиф этади. Унда иштирок этиш сарф-харажатлари тўлиқ талабгор иштирокчи томонидан қопланади. Анжуман иштирокчиларига (одатда 60-100 нафар) ушбу давлат адвокатлар бирлашмаси аъзолари билан учрашиш, ахборот алмашиш ва мазкур мамлакатдаги соҳага оид қонунчилик янгиликлари билан танишиш имконияти яратилади. Шунинг­дек, иштирокчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари, маданий, тарихий обидалар билан танишишлари ҳамда диққатга сазовор масканлар ва кўнгилочар жойларда бўлишлари учун ташкилий шароит яратилади.

Одатда бундай анжуманларнинг 7-10 кун давом этишини назарда тутадиган бўлсак, унда иштирок этган адвокатларнинг ўзаро мулоқоти давомида бир-бирларини яқиндан билиб олиш­лари, касбий маҳорат сирлари билан ўртоқла­шишлари ва адвокатлик фаолияти билан боғлиқ кўплаб масалалар у ёки бу мамлакатда қандай ечим топаётганлигидан хабардор бўлишлари учун жуда қулай имконият яратилади.

Шунингдек, ХА(Ҳ)У томонидан ташкил қилинадиган халқаро анжуманларнинг ўтказиладиган географик жойига ҳам эътибор қаратилади. Яъни сентябрь-октябрь ойларидага анжуманлар одатда Европа ва МДҲ давлатларида ташкил этилади. Лотин Америкаси, Африка ва Осиё давлатларига эса март ойларида ўтадиган анжуманлар режалаштирилади. Масалан, 2018 йилнинг октябрь ойидаги анжуман Буюк Британия (Лондон ва Эдинбург шаҳарлари)да ўтказилди. 2019 йилнинг 2-11 март кунларидаги анжуманни эса Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн қироллиги ва Қатар давлатларида (бирданига учта мамлакатда, Форс кўрфазида сузадиган лайнерда) ўтказиш режалаштирилган.

1994-2018 йиллар давомида ХА(Ҳ)У томонидан 60 дан ортиқ давлатда халқаро анжуманлар ташкил этилган. Мазкур ташкил этиладиган тадбирларда МДҲга аъзо давлатлар адвокатлари қатнашаётганлиги ва у ердаги барча мулоқотлар рус тилида бўлиши эса бизнинг адвокатларимиз учун қулай имконият яратади. Қолаверса, катта гуруҳлар учун транспорт компаниялари ва меҳмонхоналар томонидан кўплаб чегирмалар берилиши анжуман қатнашчилари бўлган адвокатларга дам олиш ва сайёҳатда ҳам қўл келади.

Шу ўринда яна бир маълумотни қайд этишимиз керакки, ХА(Ҳ)У айни пайтда IBA (International Bar Association — Халқаро Адвокатлар уюшмаси) аъзоси саналади ва аъзолик бадалларини тўлаб боради. Шунга кўра ХА(Ҳ)Уга аъзо бўлган адвокатлар ва адвокатлик бирлашмалари, ўз-ўзидан, IBAнинг ҳам аъзоси ҳисобланади.

Бугунги кунда Россия Федерациясида 85000 дан ортиқ адвокат мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти Россия Адвокатлари гильдияси (Унинг ҳузурида Россия Адвокатура ва нотариат академияси ташкил этилган), Россия Адвокатлар федерал уюшмаси, ХА(Ҳ)У сингари адвокатлар жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлганлар. Бундан ташқари, ўзини ўзи бошқариш органи сифатида Россия Федерацияси адвокатларининг федерал палатаси ҳам мавжуд. Ушбу Палатага аъзо бўлиш уларда ҳам мажбурий ҳисобланади. Аммо у шаклий жиҳатдан мамлакатимиздаги Адвокатлар палатасидан фарқ қилади. Чунки Адвокатлар федерал палатаси Россия Федерацияси субъектларидаги бошқа Адвокатлар палаталарининг йиғиндисидан ташкил топган органдир. Бошқача қилиб айтганда, Россия Федерацияси субъектларида мустақил ташкил этилган Адвокатлар палаталари юридик шахс сифатида бирлашиб Россия Федерацияси адвокатларининг федерал палатасини таъсис этган. Ўзбекистонда эса адвокатлар жисмоний шахс сифатида бирлашиб, аввалига, юридик шахс ҳисобланмиш Адвокатлар ассоциациясини ташкил этган ва у кейин­чалик Адвокатлар палатасига айлантирилган. Шу боис айни пайтда бизда адвокатларнинг мус­тақил жамоат бирлашмалари мавжуд эмас.

Бизнинг бу мақоламиздаги маълумотларни адвокатларнинг хорижий давлатлардаги миллий жамоат бирлашмалари ҳамда халқаро, минтақавий жамоат бирлашмалари фаолиятини ўрганиш йўлидаги бир қадам сифатида қабул қилишингизни хоҳлардик. Зеро, мазкур йўналишни чуқур ўрганиш ва хорижнинг бу борадаги илғор тажрибаларини Ўзбекистонда ҳам татбиқ этиш бугун долзарб аҳамият касб этади. Ахир мамлакатимизда 4000 дан ортиқ адвокат фаолият юритмоқда (Сон жиҳатидан Марказий Осиёда биринчи, МДҲ давлатларида учинчи ўриндамиз). Бундан ташқари, консальтинг хизмати кўрсатувчиларнинг (судлардаги вакиллик ҳуқуқларини истисно қилган ҳолда уларни маълум маънода бизнес-адвокат деб аташ мумкин) ривожланиши ва адвокатлик фаолиятида янги йўналишларнинг пайдо бўлиши сафимизни янада кенгайтириши турган гап. Шундай экан, адвокатларимизнинг хорижлик ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашишларини йўлга қўйиш, ҳамкорликда газета ва журналлар, китоблар чоп этиш, интернет нашрлари ва ахборот тизимлари ташкил этиш, анжуман, давра суҳбатлари каби турли шаклдаги учрашувлар ўтказиш, адвокатлар клуби ёки ихтисослик йўналишидан келиб чиқадиган турли кўринишдаги бошқа мулоқот майдонларини шакллантириш, ҳатто хорижий мамлакатларда биргаликда дам олишларини ташкил этиш ҳам ҳамкасбларнинг ўзаро бирдамлигини таъминлашга ёрдам беради.

Албатта, бундай саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг вазифалари ва ваколатларига ўхшаш вазифалар ва ваколатларга эга бўлган, яна бошқа такрорловчи ташкилотлар тузишга қаратилмаслиги, аксинча, адвокатларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлигига асосланган жамоат ташкилотларини шакллантиришни кўзда тутиши зарур.

Баҳром САЛОМОВ,

ХА(Ҳ)У вице президенти, Россия фахрий адвокати.

2019-02-05 09:47:39  |  2158 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация