Жазо муддатини сунъий равишда узайтиришга чек қўйилдими?



 
  Расм манбаси : Kun.uz

Ўзбекистон қамоқхоналарида суд томонидан белгиланган жазо муддатини аллақачон ўтаб, бошқа сабаблар билан жазо муддати узайтирилаётган маҳкумлар мавжуд.

Бу маълумот «Тараққиёт маркази»да ўтказилган давра суҳбати ҳақидаги Kun.uz хабарида келтирилади. Унда ёзилишича, тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов Ўзбекистонда муқаддам жазони ижро этиш тизимида маҳкумларга, турли сабаб ва важлар кўрсатилиб, «йил қўшиб бериш» амалиёти кузатилганини « инкор этиб бўлмаслиги»ни таъкидлаган.

«Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк кунлариданоқ ушбу амалиёт алоҳида назоратга олинган, — деган Жамшид Султонов. —  Шунингдек, прокуратура органлари томонидан ҳам қаттиқ назорат қилинади. Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга нисбатан жазо чораларини қўллаш ва уларни бекор қилиш чоғида прокурорнинг шахсан иштирокини таъминлаш талаб этилади».

Султоновнинг айтишича, айни пайтда маҳкумларнинг жазо муддатини сунъий равишда узайтириш кузатилмаяпти. Бироқ, Жиноят кодексининг 221-моддасига мувофиқ, озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиши уч йилгача, оғирлаштирувчи ҳолатларда эса беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш этиш жазосини тайинлашга сабаб бўлади.

Хабарда, шунингдек, Қамоқхоналар ислоҳоти халқаро ташкилоти (PRI) мутахассиси Энтони Амаэчининг ҳам бу борадаги фикрлари келтирилган:

«Мен мамлакатимдаги бир тажрибани сизларга айтиб ўтмоқчиман. Буюк Британияда ҳибcхона маъмурияти бошқарув тизими ва қонунда кўрсатилмаган ҳолат асосида маҳкумларга «кун қўшиб беришган». Айни пайтда, маҳкум жиддий қоидабузарлик қилса, унинг ҳаракатига мустақил суд ҳуқуқий баҳо беради. Шунингдек, бизнинг тажрибамизда, содир этилиши мумкин бўлган қоидабузарликлар рўйхати ва унга яраша жазо қандай бўлиши аниқ белгилаб қўйилган. Тартибдан четга чиқиб, ўзбошимча жазо тайинланиши мумкин эмас».

«Тараққиёт маркази»даги мазкур давра суҳбати Жиноят-ижроия тизимида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги, жазони ижро этиш тизимида ислоҳотларни давом эттириш масалаларига бағишлаб ўтказилган.

Шу ўринда саволлар туғилади, қонунчилигимиз қайси ўзгаришлардан кейин жазо муддатини сунъий равишда узайтиришга имкон бермайдиган даражада мукаммал ҳолга келтирилди? Кейинги пайтда бундан ҳолат қайд этилмаётгани ростдан ҳам унинг барҳам топганини билдирадими? Зеро, бундай ҳолатни очишнинг имкони йўқлиги ҳам фактни йўққа чиқариши мумкин-ку?

Қолаверса, Буюк Британия тажрибасидаги маҳкум жиддий қоидабузарлик содир этган тақдирда ҳам унинг бу хатти-ҳаракатига мустақил суд томонидан баҳо берилиши амалиётида ҳам ўрганишга арзирли жиҳатлар борга ўхшайди.

Хуллас, бу борада ҳам ўқувчиларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини билдирсалар ёмон бўлмасди.

2018-12-13 18:22:25  |  2518 |   0  | 

3 изоҳлар

Декабрь 14, 2018  12:48

1.Tahririyat

Surayyo Sulaymanova, shu faktlar haqida bizga yozing, iltimos, muammoni koʻtarish fursati hozir!

Декабрь 14, 2018  11:02

2.Сурайе Сулайманова

Жазони ижро этиш муассасаларида, амнистия акти кулланилиши лозим булган вактга келиб, махкумга суньий равишда ички тартиб интизомни бузди, деган хужжатлар тузиш оркали, амнистия акти кулланилишига йул куймаганлик холатларини биламан.

Декабрь 13, 2018  19:43

3.Холмурод Исанов

Инсон такдири билан боглик хар кандай масалани факат ва факат суд хал этиши керак. Бу халкаро хукукнинг умумэьтироф этилган принципи...



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация