Давлат харидларининг ҳуқуқий асоси янада мустаҳкамланди



 
  Расм манбаси : Иллюстратив фото

Юртимиздаги қулай ишбилар-монлик муҳити, хорижий инвесторлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу эса давлатимиз томонидан олиб борилаётган соҳа фаолиятини ривожлантиришга доир ислоҳотлар, уларнинг олдидаги мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, корхоналар фаолияти барқарорлигини таъминлаш ва янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилнинг 9 апрелда «Давлат харидлари тўғрисида» ги Қонунининг қабул қилинганлиги муҳим аҳамиятга эга бўлди.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат харидлари очиқлигини ва шаффофлигини ҳамда бу соҳада тадбиркорларнинг рақобат курашувини таъминлайди, давлат бюджети, марказлаштирилган манбалар ва давлат улушига эга бўлган корхоналар маблағларидан самарали фойдаланишга имкон яратади.

Қонун қабул қилинишидан аввал мазкур соҳа 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган, бунда давлат харидларининг яхлит тизими мавжуд бўлмаган, бунинг натижасида ҳуқуқий коллизиялар вужудга келган. Кўп босқичли келишишлар ва такрорловчи тартиб-таомиллар коррупция¬га шароит яратган ва кўп вақт йўқотишга сабаб бўлган.

Қонун давлат харидларини амалга оширишнинг амалдаги тажрибасини ҳамда халқаро тажрибани, жумладан, БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссиясининг (ЮНСИТРАЛ) модель қонунчилигининг асосий қоидаларини, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия, Беларус, Қозоғистон ва бошқа давлатлар қонунчилигини ҳисобга олган. Халқаро ташкилотлар, халқаро банк, эксперт ва бизнес-ҳамжамияти, вазирлик ва идоралар вакиллари билан муҳокамалар ўтказилган.

Ушбу қонун билан давлат хариди жараёни очиқ-ошкора бўлади, барча маълумотлар махсус порталда эълон қилинади. Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Молия вазирлиги томонидан харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг, давлат назорати ўрнатилади, шунингдек фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТ ва ОАВ томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилади.

Давлат харидларининг иқтисодиётдаги ўзига хос ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда ушбу тизимни жорий этишга мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида катта эътибор берилмоқда. Бу борада аввало, тизимдаги муносабатларнинг қонунчилик негизи шакллантирилиб, давлат харидлари билан боғлиқ жараёнлар ҳуқуқий тартибга солинди.

Шу ўринда ушбу қонундаги асосий янгиликларга тўхталиб ўтсак. Булар:

– Давлат буюртмачисининг иккита янги категориялари – «бюджет» ва «корпоратив» буюртмачилари белгиланган;

– ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги белгиланди (илгари давлат харидлари соҳасида ваколатли орган мавжуд эмас эди);

– давлат харидларининг барча турлари учун махсус ахборот портали жорий этилди;

– электрон дўкон ва аукционда ғолибни аниқлаш автоматик тарзда электрон тизим орқали амалга ошириладиган бўлди;

– махсус талаблар татбиқ этилмайдиган товарлар (ишлар, хизматлар) электрон дўкон орқали харид этилади;

– танлов савдолари ўрнатилган мезонларга жавоб берадиган товар (ишлар, хизматлар)нинг барча турларига татбиқ этилади. (илгари танлов савдоларини ўтказиш механизми фақат капитал қурилиш соҳасида амал қилар эди);

тендер танловлари учун сўм лимитлар ўрнатилган: Бюджет буюртмачилари учун танловдаги давлат харидлари:

– товарнинг қиймати бир шартнома бўйича энг кам иш ҳақининг икки минг беш юз бараваридан олти минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этиши керак;

– ишларнинг, хизматларнинг қиймати энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан олти минг бараваригача бўлган миқдорни ташкил этиши керак;

– харид қилиш тартиб-таомиллари устидан мониторинг ва назорат тартибга солинди.

«Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг мақсади – Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларига мувофиқ ташкил этилган ва бошқа давлат мақсадли жамғармалар маблағлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан донор мамлакатлар, халқаро, хорижий ҳукумат ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар билан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган хорижий грантлар ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остидаги хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштириладиган давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Бир сўз билан айтганда, қонунни ҳаётга татбиқ қилиш соғлом рақобат муҳитини янада ривожлантиришга, тадбиркорлик субъектлари учун давлат харидларига тенг эркинлик яратиш, давлат секторини оптимал муддатларда товарлар (ишлар, хизматлар) билан самарали ва оқилона таъминлашга хизмат қилади ҳамда мамлакатда қулай инвестициявий муҳитни шакллантириш жараёнини давом эттиради, халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилашга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши айни пайтда кузатилаётган самаралар салмоғини янада оширишда, давлат харидлари амалиётини бундан ҳам кенгайтиришда, шу орқали давлат билан хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларидан унумли фойдаланишда, шунингдек, давлат хариди тизимининг барча қирраларини ўзида қамраб олган қонунчиликни такомиллаштиришда, асосий йўналишларини аниқлаштиришда ва шакллантиришда айни муддао бўлди.

Ўткирбек ДАВЛЕТОВ,

Ҳарбий-техник институти катта ўқитувчиси

Алижон ЗУРАПОВ,

Ҳарбий-техник институти ўқитувчиси

(“Huquq” газетасидан олинди).

2018-11-04 16:28:42  |  2390 |   0  | 
  • Teglar orqali izlash:

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация