Ҳамкасбнинг қарори бекор бўлгунча шайтоннинг бўйни узилсинми?



 
  Расм манбаси : Xabar.uz коллажи

Низо ўта мураккаб бўлса майли эдики, ҳа энди, судья ҳам одам, янглишиши мумкин, десак. Меҳнат муносабатларига оид оддий низо. Ҳомиладор аёл (ҳолати аён бўлишига қарамай!) иш берувчи томонидан ишдан бўшатилган. Қарийб ими-жимида. Низонинг моҳияти шу.

Иш берувчи, ким бўлмасин, ўз ташаббуси билан ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини бир томонлама бекор қилолмайди. Корхона тугатилаётган бўлса, бошқа гап. Шундаям иш берувчи бу тоифадаги аёлларни бошқа ишга жойлаштириб қўйиши шарт. Қонун шуни талаб қилади (Меҳнат кодекси, 237-модда). Иш берувчи қонуннинг шу ва шу каби талабларидан «айланиб ўтиб», ниятига эришаман деса, чучварани хом санабди. Судга берилса борми, «бир» деганда даъво қаноатлантирилади!

Наргиза Аҳмедованинг бошига шундай кун тушди. Учинчи фарзандига ҳомиладорлигининг еттинчи ойида (!) унга «чиқиш эшиклари» кўрсатилди. Бу бедодликдан дод деб судга борганди — иш берувчи эмас, унинг ўзи чучварани хом санаганини билдириб қўйишди.

Сўзимиз шу ҳақда.

Албатта, аёл дарҳол кўчага чиқариб қўйилмади: «исми-расми» қилинди — ҳаммаси қонуний бўлганга ўхшаши учун. Бироқ ўхшамади, қайтанга иш берувчининг уюм-уюм қовун туширгани қолди, холос.

Аввалига айтилдики, муассасада штат қисқаради, Наргиза Аҳмедова банд этиб турган «директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосар» лавозимига эҳтиёж йўқ, деб. Бу — сафарингиз қариди, Наргизахон, хуш кўрдик, агар пастроқ лавозимда ишлашга рози бўлсангиз, ўйлашиб кўрамиз, деганидир. Аёл буни кутганмиди-йўқми, билмадик, аммо ҳолатидан келиб чиқиб, ҳаммасини вақт ҳукмига ташлади: раҳбарим жичча шошди-ёв, ҳолатимни билатуриб, штат қисқаришига тушираётганининг ўзи баҳсли... майли, олдинда икки ойлик муддат бор, ўтаверсин-чи, у ёғига ё, Раззоқ...

«Икки ойлик фурсат» нелигини англадингиз, чоғи? Яъниким, лавозими қисқаришга тушган ходим бу ҳақда икки ой аввал огоҳлантирилиши керак. Мана, аёл огоҳлантирилди: хоҳласа, шу муддат мобайнида ишга қатнаб юраверсин (ҳафтада бир кун ишга келмай ўзига бошқа юмуш қидириш имкон бор), хоҳласа, икки ойлик маошини биттада олиб, хайр-хўш қилсин...

Дарвоқе, воқелик қайси ташкилотда бўлаётгани айтиш ёддан кўтарилаёзибди, узр.

Наргиза Аҳмедованинг «илмий ишлар бўйича директор ўринбосар»лигидан у ишлаётган даргоҳ хусусий ёки жамоа корхонаси эмас, илму урфонга бегонага бўлмаган давлат муассасаси эканини илғадингиз-ов? Ўлманг! Дарҳақиқат, шундай: Маданият вазирлигига қарашли Ўзбекистон Давлат санъат музейи! Ўзи шу лавозимда иш бошлаганига кўп бўлмаганди (21.08.2017 й.). Фаолиятига юз кун (!) тўлиб-тўлмай (01.12.2017 й.) у билан хўшлашиш тадоригига тушилганининг ўзи тушунарсиз?! Ҳомиладор эканини кўра-билатуриб, ишга олган директор унинг шу ҳолатига қарамай хайрлашишга шошаётганиям жумбоқ устига жумбоқ... Ажаб, ҳомиладор аёлни ишга олишдан бўйин товлаш қонунсиз эканини билган раҳбар оғироёқ ходимидан қутулишнинг минг бир чорасини кўриши ҳам ноқонуний эканини ёддан чиқардими?!

«Штат қисқариши» кўндаланг бўлганда раҳбар нимаям қилсин, дейишга шошмай турасиз. Бу шунчаки гап бўлиб, ўша, гўёки штатлар қисқартирилади дейилаётган 2017 йилнинг декабрь ойида Санъат музейининг 66,5 штат бирлигига яна 30 (ўттизта!) янги штат қўшилиб, ходимлар сонига барака кираётган эди. Ўша жараёнда директорнинг «илмий ишлар бўйича ўринбосарлиги» тугатилаётгани ҳам ўта нисбий бўлиб, аслида лавозим номи қисман ўзгарганди, холос: «директорнинг тадқиқот ишлари бўйича ўринбосари». Шунга қарамай «илмий» сўзининг «тадқиқот»га ўзгариши Н.Аҳмедова эгаллаб турган лавозим қисқартирилишига асос бўлди, гўё...

Кўпам ёпишмаяпти, тўғрими? Рост, кейинроқ, директорнинг «тадқиқот ишлари бўйича» дейсизми ёки «илмий ишлар бўйича» дейсизми, хуллас, шу ўринбосарнинг илмий унвони бўлиши шартлиги таъкид этилди. Хўп, яхши. Шунақа шарт бор экан, нега аввалроқ айтилмади? Модомики, олий маълумотли, қўлидан иш келадиган ходим илмий унвони йўқлигига қарамай шу лавозимга қонуний тарзда олинганми, марҳамат, бўшатишни ҳам қонун доирасида амалга оширинг. Вассалом.

Санъат музейи раҳбари нима қилди?

Штатлар кенгаяётган бир пайтда илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Н.Аҳмедовани «қисқаришга» тушириб, бу ҳақда уни огоҳлантирган бўлса-да (01.12.2017 й.), қонунда белгиланган икки ойлик муддат борлигига қарамай шу штат бирлигини «тадқиқот ишлари бўйича ўринбосар» дея қайта номлаб, янги ходимни ишга олақолди. Лавозим тугатилгани айтилса-да, уни банд этиб ўтирган ходим расман бўшатилмай янги ходимнинг ишга олиниши битта штатга икки мутахассисни «мингаштириб» қўйишнинг ўзгинаси. Яна денг, ҳар тийини ҳисобли бўлган бюджет ташкилотида!

Бунақа аҳволда узоққа бориб бўлмаслигини билди чоғи, раҳбарият икки ойлик муддат тугамасиданоқ Наргиза Аҳмедованинг «паттасини тутқазиш» пайига тушади. Ва... огоҳлантириш берганига бир ой тўлмай меҳнат шартномасини бекор қилворақолди.

Меҳнат шартномаси аниқ қайси санада бекор қилинганини ҳам билиш қийин. Музей раҳбари Маданият вазирлигига ёзган бир хатда (27.12.2017 й. №310) Н.Аҳмедованинг меҳнат шартномаси 2017 йилнинг 26 декабрида тугатилгани айтилади. Бироқ уни (меҳнат шартномасини) бекор қилиш ҳақидаги буйруқда (№84) ходим билан (ишлаган кунлари учун) ҳисоб-китоб 2017 йилнинг 29 декабригача қилинсин, дейилиб, 2018 йилнинг 4 январидан ишдан бўшатилажаги ҳам қистириб ўтилади.  Қайси сана тўғрилигидан қатъи назар, бир нарса аниқ — меҳнат шартномаси, огоҳлантириш муддати тугамаёқ, бир ой аввал бекор қилинмоқда. Устига-устак, ходим бундан бехабар?!

Наҳот битта ишхонга кириб-чиқиб юрган Н.Аҳмедова теварагидаги бундай «ўйинлар»дан бехабар бўлса, дейишингиз аниқ. Қаҳрамонимиз ана-мана «фатвоси»си ўқилаётган пайтда хизмат сафарида эди. Хизмат сафари — олис вилоятда эмас, пойтахтнинг ўзида — Абдулла Қаҳҳор уй-музейида ўтаётганди. Буюк адибнинг уй-музейида олти ойлик ҳомиласи билан куймаланиб юрган аёлнинг орқасидан бунақа ишлар қилинишини ўзи йўқнинг — кўзи йўқ, дейсизми ё бошқачами — ўзингизга ҳавола. Меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқ билан ўз вақтида таништирилмагани, вазият жиддийлашиши эҳтимоли пайдо бўлганда, меҳнат дафтарчасини Аҳмедованинг қўшниларига (!) ташлаб келишга уринишдек маданият ходимларига ярашмайдиган ишлар қилингани алоҳида мавзу. Бироқ, факт шуки, Н.Аҳмедова, анча-мунча асаббузарликдан кейин, буйруқ нусхасини 2018 йилнинг 19 февралида олишга муваффақ бўлади. Қарасаки, ғишт қолипдан кўчаёзибди. Ҳаракатга тушмаса бўлмайди. Судга мурожаат қилишга улгуриши керак. Қонунга кўра, ўзининг меҳнат ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган ходим тегишли буйруқ билан танишган санадан бошлаб бир ой муддатда судга мурожаат этиши лозим. Муддатни ўтказвориш қўшимча муаммо туғдиради доим.

Ҳомиладорлигининг охирги ойларини ўтказаётган Н.Аҳмедова судга чопишга мажбур бўлди.

Шундай қилиб, 2018 йилнинг 7 март куни (буйруқ билан танишганидан 15 кун ўтиб) Ўзбекистон Давлат санъат музейи раҳбарларига нисбатан «ишга тиклаш, мажбурий бекор юрган кунлари учун пул ундириш ҳақида» фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига даъво киритди.

Даъво киритилганидан (7 март) йигирма беш кун ўтиб (2 апрель), биринчи суд мажлиси  ўтказилди. Бу пайтгача даъвогар янги меҳмонни дунёга келтирган (20 март),  бироқ чақалоқнинг кичик чилласи чиқмаганди ҳали...

Суд икки ой давом этди ва... даъво рад этилди?!

Даъвогар даъво муддатини узрсиз ўтказиб юборибди. Тамом.

Наргиза Аҳмедова чақалоғига қўшилиб биғиллаб қолаверди.

Даъвони рад этишга судья топган ғарибгина асос пуф деса учиб кетгудай... Юқорида айтдик, такрори ортиқчалик қилмайди: Н.Аҳмедова билан тузилган меҳнат шартномаси музей директори ташаббуси билан 29.12.2017 йилда (суд қарорида шу сана ёзилган) бекор қилинган бўлса-да, ходим буйруқ нусхасини эллик бир кундан кейин (!), 2018 йилнинг 19 февралида олади (бу факт тасдиғи «дело» турибди!). Аёл буйруқ нусхаси қўлига текканидан 15 беш кун ўтиб (7 март) судга мурожаат қилаётир. Демакки, «судга мурожаат этишнинг бир ойлик муддати ўтиб кетгани» хусусида ҳатто гап бўлиши мумкинмас. Хўп, бунданам кўз юмайлик. Ҳомиладорлигига қарамай (!) меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириб (!), боз қонунда белгиланган икки ой муддат тугамай (!) буйруқ чиқарворилганини ҳам нари сурайлик. Ҳомиладорликнинг охирги ойларини ўтказаётган аёл белгиланган фурсатда судга мурожаат қилолмаган тақдирдаям ўтказиб юборган муддати узрли бўлмайдими?! Икки дунё чегарасидаги аёлнинг ҳолатики узрли деб топилмас экан, бунданам оғирроқ вазиятга тушиш учун одам бир ўлиб тирилиши керакми? (У ёғини сўрасангиз, Наргиза Аҳмедовани ноқонуний ишдан бўшатган раҳбар ҳам аёл киши!). Қўлидаги чақалоғи билан ойлаб судга қатнаб, барча далилларни тахлаб ташласа-да, «дело»ни мижиб-мижиб, ўта ғариб «асос» билан даъвони рад этган судьяга шарафлар бўлсин!..

Нима дейсизки, фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Миробод туманлараро судининг мазкур ҳал қилув қарори аввал ФИБ Тошкент шаҳар судида, сўнг Олий суднинг судлов ҳайъатида ҳам ўзгаришсиз қолдирилди?! Суд қарорига нисбатан Миробод туман прокурори, кейинроқ Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари киритган протестлар ҳам рад этилгани-чи?!

Нима, ҳал қилув қарори шунчалар қонун билан «михлаб» ташланганми?

Гап ҳал қилув қарори қувватидан кўра, унинг муаллифида, чамаси... Нега десангиз, фуқаролик ишини биринчи босқичда шахсан кўриб чиққан ФИБ Миробод туманлараро суди раиси Ф.Турсунов кўп ўтмай Олий суд судьялигига кўтарилди. Фуқаролик иши апелляция босқичига етиб борганда у олий маҳкамада иш бошлаб улгурганди. Шунданми, ким билсин, ҳал қилув қарори кассация босқичидан (А.Абдуллаев, Г.Мирзаалимова, Н.Ҳакимова) эсон-омон ўтиб, Олий суд ҳайъатида (А.Ҳакимова, И.Болтаходжаева, Ш.Ахатова) ҳам «қилт» этмади. Йў-ўқ, қонун барчага баробар деб, урмай бошни ёрманг. Инсон бор экан (айниқса, бизда!), юзхотирчилик дейсизми, ҳамкасблик ҳурматими, қайси тизимда бўлмасин, «ажи-и» деб чиқаверади. Босиброқ қаралса, ҳал қилув қарорини неча нафар судья силаб-сийпаган бўлса, ўртада бегона йўқдек: деярли ҳаммаси пойтахт судларида пишиб-етилган қонун пешволари. Ўртада бегона йўқ экан, низо қонун қаричи билан эмас, «ҳамкасбнинг қарори бекор бўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсин» қабилида кўрилгани эҳтимолдан холи эмасдай. Рост-да, мураккаб бўлмаган меҳнат низоси юзасидан қўзғатилган даъво ўта-ўта ғариб асос билан рад этилганига бошқа қандай изоҳ изоҳ бор?! Даъвогарнинг шикояти, хўп, майли, бироқ меҳнат ҳуқуқи муҳофазасига оид ваколатли органларнинг буйруққа, туман прокуроридан то Бош прокурор биринчи ўринбосарининг суд қарори қонунийлигига жиддий эътирози бежиз эмасдир, ахир?!

Дарвоқе, ҳамкасбга оқибат кўрсатилгани билан шайтоннинг бўйни узилмайди барибир. Лаънати қиёматгача инсонни адаштиради, адаштираверади...

Адашаверишдан Ўзи сақласин.

Турсунали Акбаров

Xabar.uz

2019-07-11 16:25:51  |  153 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация