“Беғараз медиаторлар хизмати бюроси очиш керак!”



 
  Расм манбаси : Liter.kz

Ёшлигидан иноқ бўлиб ўсган икки дўстнинг бири ўзлари яшаётган кўп қаватли уйга жуда яқин жойда автомобилларга хизмат кўрсатиш шахобчасини очмоқчи. Бу эса иккинчи дўстга ёқмайди, бундай шахобча ҳавони ифлослантиради, яшовчиларга ноқулайлик туғдиради деган хавотирда. Улар бу борада ўзаро баҳс юритишади, аммо натижа чиқмайди — иккаласи ҳам ўз фикрида мустаҳкам туриб олган. Шунинг учун икинчи йигит собиқ дўстини судга бермоқчи. Хуллас, улар катта жанжал олдида турибдилар...

Хорижлик мутахассислар иштирокида ташкил этилган ўқув-амалий машғулот иштирокчилари учун ана шундай ҳолат яратилди. Мақсад — уларнинг медиаторлик (яраштирувчилик) қобилиятини, машғулотлар пайтида олган билим ва орттирган тажрибаларини амалда синаб кўриш.

Шу боис “медиатор” ролини бажарувчилар дадиллик билан ишга киришдилар. Улар аввало вазиятни ҳар томонлама ва чуқур ўрганишга ҳаракат қилишди. Сўнг йигитлардан дўстининг яхши томонлари ҳақида гапириб беришини, бирга гувоҳ бўлган қизиқ воқеалардан эслаб кўришини сўрашди. Шунингдек, дўстлардан бири очмоқчи бўлган шахобчанинг ноқулайлик тарафлари тўғрисида ҳар иккаласидан сўраб кўрилди. Агар оралари бузилса нима бўлиши ҳақида уларни фикрлашга ундашди. Бундай суҳбат уларни алоҳида-алоҳида чақирган ҳолда ва иккаласи билан биргаликда ҳам олиб борилди...

— 18 йиллик тажрибага эга адвокат бўлишимга қарамай, бу ўқув, айниқса, амалий машғулотлар менга жуда фойдали бўлди, хусусан, медиация ҳақида, уни амалда қўллаш борасида жуда кўп нарсани билиб, ўрганиб олдим, — дейди “Shams Toshkent advokatlari” адвокатлар ҳайъати адвокати, машғулот иштирокчиси Марина Кан. — Масалан, бир саволнинг ўзини бир неча оҳангда такроран сўраш техникаси яхши самара беришини тушуниб етдим. Шунингдек, барча иштирокчилар ҳам медиатор нафақат юриспруденция, балки психология, иқтисодиёт, конфликтология каби соҳалардан ҳам тушунчага эга бўлиши керак эканлигига амин бўлишди. Шу ўринда бир таклифимни ҳам айтмоқчи эдим, менимча, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги қошида беғараз медиаторлар хизмати бюроси очилса жуда фойдали бўлади.

Медиация мавзусига бағишланган мазкур уч кунлик амалий машғулотлар Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ваколатхонасининг “Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмаклашиш” дастури доирасида адвокатлар ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мутахассислари учун ташкил этилган бўлиб, мавзуга доир назарий ва амалий тажрибаларини улашиш учун украиналик тажрибали мутахассислар — адвокат ҳамда медиатор, айни пайтда Украинаниинг Миллий юридик университети ўқитувчиси ва юридик касблар учун илк сертификатли таълим дастури ҳаммуалифлари ҳисобланган Алина Сергеева ва Татьяна Цувиналар жалб этилган эди.

Тренерларнинг айтишларича, уч кун давомида амалий машғулотлар иштирокчиларига медиация жараёни ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қилишган. Жумладан, низолар ечимини топиш борасидаги муқобил усулларнинг назарий ва амалий жиҳатлари; медиация моделлари ва унинг суд тизими ва бошқа юридик касблар билан ўзаро алоқадорлиги, медиация таомилини ўтказишнинг амалий жиҳатларини очиб беришга уринишган. Айниқса, медиаторнинг касбий одоби масасига алоҳида эътибор қаратилган. Чунки медиатор доимо холис фикрлай олиши, мустақил ва бағрикенг бўлиши ҳамда ўз фикрини намоён қилмаслиги керак. Зеро, айнан шу нарса вазият кескинлашиб кетишининг олдини олади.   

Шу ўринда маълумот учун айтиб ўтадиган бўлсак, 2018 йил 3 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган бўлиб, медиация тушунчасининг мақсад ва вазифалари, уни ўтказиш тартиби аниқ белгилаб берилган. Зеро, мамлакатимизда бундай тизимга аллақачон эҳтиёж бор эди. Хусусан, низоларни судгача олиб бормасдан тартибга солиш зарурати жуда юқори бўлиб, шундай тизимнинг йўқлиги оқибатида ҳозирги пайтда судьялар бир кунда ўнлаб ишларни кўриб чиқишга мажбур бўлмоқдалар. Бу эса аҳолига ноқулайлик туғдириб, суд жараёнларининг жуда ҳам чўзилиб кетишига олиб келмоқда.

Ташкилотчиларнинг айтишларича, семинар давомида иштирокчилар медиация каби ҳуқуқий муносабатлар институтининг суд жараёнига қараганда анча қулай, камхарж ва тезкор эканлигига амин бўлганлар.

ТАДБИРДАН СУРАТЛАВҲАЛАР:

Суратлар муаллифи: GIZ.

2019-03-19 20:05:11  |  2270 |   0     Шаҳноза Халсаидова  | 

3 изоҳлар

Сентябрь 01, 2019  17:26

1.дилшод

Ким ёрдам Бера олади ???

Сентябрь 01, 2019  17:25

2.дилшод

Агар кимдир кафилликга олса ноториус оркали 6ой муддатга карзни кайтариш учун вактим буларди маслахатила керак илтимос .олдиндан рахмат жовобила учун

Сентябрь 01, 2019  17:20

3.дилшод

Сергили суд ижрочилари томондан хорижга чикишга такик куйилган сабаби жисмоний шахсдан карзим бор лекин тошкенда кайтаришга шароит булмияпти туркиядан Иш таклиф килишвотти Шу масалани кандай ижоби хал килса булади ?



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация