Ички ишлар ходими таҳқирлаган каттақўрғонлик аёл яна ўғрилик жинояти учун судланди



 
  Расм манбаси : Kun.uz

Суднинг 19 декабрдаги ҳукмига кўра озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган Н.Т. яна ўғриликка қўл урди

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ИИБ собиқ катта тезкор вакили С.Умаров томонидан таҳқирланиб, шаҳар ИИБ биносида ечинтирилган, сўнгра Оқдарё туманида содир этган ўғриликлари учун ЖИБ Оқдарё туман суди томонидан 4 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган, Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи Н.Т. яна жиноят устида қўлга тушди.

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳуқуқ-тартибот органларининг Kun.uz'га маълум қилишича, Н.Т. 2019 йил 10 февраль куни шериги О.С. билан эрталаб соат 08:00 ларда “Ғаллаорол деҳқон бозори”да картошка-сабзи харид қилаётган фуқаро Л.Аҳмедованинг ҳамёнидаги 165.000 сўм пулларини ва “Samsung” русумли уяли телефон аппаратини киссавурлик йўли билан ўғирлаб олишган.

Шу куннинг ўзида улар фуқаро С.Якубованинг пайпоқ сотиб олаётганлигидан фойдаланиб, унинг ҳамёнидаги 75.000 сўм миқдоридаги пулларини ҳам олиб қўйишган.

Н.Т. ва О.С.дан Л.Аҳмедовага тегишли бўлган “Samsung” русумли уяли телефон аппарати ҳамда С.Якубовага тегишли бўлган ҳамён билан 75.000 сўм пуллар ҳужжатлаштириб олинган.

2019 йил 12 февраль куни мазкур ҳолат юзасидан Н.Т. ва О.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Н.Т. ва О.С. фуқаро С.Якубованинг ҳамёнидаги 75.000 сўм миқдоридаги пулларини киссавурлик йўли билан ўғирлаб олганликларига бевосита гувоҳ бўлган бозорда савдо қилувчи фуқароларнинг берган кўрсатмалари ҳамда “Ғаллаорол деҳқон бозори”га ўрнатилган, ўғирлик ҳолати туширилган видеокамерадан олинган видеотасвир билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.

2019 йил 12 февраль куни Н.Т. гумонланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган.

14 февраль куни ЖИБ Ғаллаорол туман судининг ажримига кўра Н.Т.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

21 февраль куни Н.Т. ва О.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилинган ва жиноят иши ЖПКнинг 381-моддаси тартибида туман прокуратурасига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Н.Т.нинг 2018 йил 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими катта тезкор вакили Санъат Умаров томонидан таҳқирланиб, ечинтирилгани хабари жамоатчилик орасида катта резонанс келтириб чиқарганди.

2018 йилнинг 21 ноябрида ЖИБ Самарқанд вилоят суди томонидан С.Умаровга 3 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ҳамда жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган эди.

2018 йилнинг 19 декабрида Н.Т.га ЖИБ Оқдарё туман суди томонидан ЖИБ Иштихон туман судининг 2017 йил 11 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг шартлилиги бекор қилиниб, унинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан ҳукмлар мажмуи бўйича узил-кесил ўташ учун 4 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган эди.

2019-02-24 20:03:48  |  1712 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация