Қадримга йиғлайман



 
  Расм манбаси : Х.Джалилова. "Халқ сўзи" фотоси

Шу тупроқда туғилиб вояга етгани, шу ерда никоҳдан ўтганию шу мамлакатга кўп йиллар сидқидилдан хизмат қилгани – шу давлат фуқароси бўлишига кифоя қилмаётган бева аёлнинг ҳасрат дафтаридан

“Халқ сўзи” газетасида эълон қилинган ушбу мақолада ички ишлар органларининг собиқ терговчиси, марҳум эри ёди учун унинг касбини давом эттирган чинакам азамат аёлнинг қандай қилиб қонуний ва ҳақли фуқаролик мақомидан маҳрум бўлганию адолатни тиклаш учун 7 йилдан буён бесамар елиб-югураётгани тўғрисида ҳикоя қилинади.   

Турмуш ташвишлари билан банд бўлиб, рўзғор тебратиш осон эмаслиги, оилавий муаммолар ва бошқа кўнгилсизликлардан ўқтин-ўқтин шикоят қилар эканмиз, ўз юртингнинг тўла ҳуқуқли фуқароси бўлишдек катта бахтнинг қадрига ҳар доим ҳам етавермаймиз. Бинобарин, Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқдан дафъатан маҳрум бўлиш нақадар аянчли экани ҳамманинг ҳам хаёлига келавермайди. Ҳолбуки фуқароликдан маҳрум бўлиш овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлишга олиб келади, ўз ҳуқуқ ва манфаатларингни ҳимоя қилиш қийинлашади, таълим олиш, меҳнат қилиш, оёққа туриб олиб, келажак режаларини тузиш ва фаровон кексалик билан боғлиқ умидлардан айрилишни билдиради.

Самарқандлик Хуршида Жалилова ҳам мана шу ҳуқуқлардан кутилмаганда маҳрум бўлди. Олдинига фуқароликдан, кейин ўзи яхши кўрган ишидан ажради, ниҳоят доимий рўйхатдан чиқарилди. У билан бирга икки ўғли ҳам айни ҳуқуқлардан маҳрум бўлди.

Х.Жалилова 80-йилларда Тошкент Олий милиция мактаби курсанти Ҳабибулло Маматқулов билан ўз тақдирини боғлаганди. Никоҳ Самарқанд шаҳрида қайд қилинган, кейинчалик уларнинг оиласида икки ўғил дунёга келди. Фирдавс – 1987, Фузулий эса – 1988 йилда.

Х.Жалилованинг турмуш ўртоғини Ички ишлар вазирлиги 1989 йилда хизматни давом эттириш учун Қирғистонга командировка, яъни хизмат сафарига жўнатади.

– Турмуш ўртоғим Ҳ.Маматқулов билан бирга Қирғизистонга келишимиз билан қайғули Ўш воқеалари бошланиб кетди, – деб ҳикоя қилади Х.Жалилова. – Эрим Қирғизистондаги милиция органида ягона ўзбек бўлгани боис уни кескинлик авж олган Ўзган шаҳрига юборишади. Биз Ўзган шаҳрида бўлган даҳшатли воқеаларнинг гувоҳи бўлдик. Кейинчалик иттифоқдош республикалар ажралиб чиқиб, мустақиллик эълон қила бошлашди. Охир-оқибат Қирғизистонда ишлашнинг имкони бўлмай қолди.

Узоқ сарсон-саргардон бўлгандан кейин, бир шаҳардан бошқасига кўча-кўча ёш эру хотин ўз юртига қайтиб келади. Ҳ.Маматқулов Наманган вилоят Ички ишлар бўлимига ишга жойлаштирилади, Х.Жалилова эса Ўзган шаҳридаги эрига берилган квартирани сотишга киришади. Айни шу даврда Х.Жалилованинг турмуш ўртоғи вафот этади. У Қирғистондаги квартирани ниҳоят сотиб, у ерда рўйхатдан чиқиб, рўйхатдан чиққани тўғрисидаги варақа билан Самарқанд шаҳрига, ота-онасининг бағрига қайтиб келади.

- Қайтиб келган давримизда, - дейди Х.Жалилова, - бир манзилда рўйхатдан чиқиб, бошқа бир манзилда бемалол паспортни рўйхатга қўйса бўларди. Мен ҳам шундай қилдим. Ўш воқеалари оқибатида квартирамиздаги барча ҳужжатлар йўқ қилингани боис мен лоақал паспортни қайта олишим керак эди. Нима қилиш керак? Агар паспортсиз қайтиб келсам, Самарқандда менга ҳеч ким янги паспорт бермас эди. Шу боис ўзим рўйхатдан ўтган шаҳар маъмуриятига паспорт беришларини сўраб мурожаат қилдим. Натижада Қирғизистонда 1993 йил июнда менга 1974 йил намунасидаги СССР паспорти берилди.

Х.Жалилова Самарқандга қайтиб келгач, рўйхатдан ўтиш, кейинчалик эса Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспортини олиш мақсадида ҳужжатлар йиғишга киришади. У 1994 йилда вилоят ҳокимиятидаги комиссиядан ўтиб, рўйхатга қўйилади, кейин фуқаролик масаласи икки йил мобайнида ҳал қилинади. Барча зарур ишлар қилингач, Х.Жалилова Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортини олади. Шунингдек, марҳум эрининг ишини давом эттиришга аҳд қилади. Ўзи тарихчи бўлгани ҳолда иккинчи марта олий таълим олиб ҳуқуқшунос малакасига эга бўлади ва Самарқанд вилоят ИИБда хизмат қила бошлайди. Участка инспектори сифатида иш бошлаб, катта терговчи лавозимигача кўтарилади. Х.Жалилова 2011 йил охирида навбатдаги “майор” унвонини олиш учун аттестациядан ўтади, бу унинг оиласи учун кутилмаган катта ташвиш келтиради.

Ички ишлар вазирлиги ходимлари яна унинг фуқаролиги масаласини текширади. Хизмат текшируви вилоят Виза бериш, руйхатга олиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими орқали қилинди. Шу мақсадда вилоят ҳокимияти, шунингдек Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳри ва Самарқанд архивларига сўровнома жўнатилди. Самарқанд вилояти архивидан домий рўйхатдан ўтиш учун зарур ҳужжатлар йўқлигига тўғрисида жавоб келади.

Қўшни республикага қайта-қайта сўровномалар юборилади. Бишкекдаги Манзиллар бюросида Х.Б.Жалилованинг карточкаси сақланиб қолган экан. Қирғизистонлик ҳамкасблар “у ҳақиқатдан ҳам кўрсатилган манзилда рўйхатда туради. Шу боис Қирғизистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонунига биноан, у Қирғизистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади”, деб маълум қиладилар. Айни пайтда Паспорт-виза ва рўйхат ишлари Ўш ҳудудий бўлими 2012 йил 3 апрелдаги №23-52/463 хати билан “Жалилова Хуршида Ботировна Қирғизистон Республикасининг ваколатли органларига Қирғизистон Республикаси фуқаролигига эга бўлиш ва паспортни ҳужжатлаштириш масалалари билан мурожаат қилмаган”лигини тасдиқлайди.

Шу жойда савол туғилади: Биз қачонгача бошқа мамлакатнинг қонунчилигига асосланиб иш кўрамиз? Наҳотки рўйхатдан ўтган-ўтмаганлик тўғрисидаги картотека бошқа мамлакатнинг паспортига эга эмаслигига нисбатан салмоқли ҳужжат ҳисобланади? У ҳолда “Қирғизистон Республикасининг ваколатли органларига Қирғизистон Республикаси фуқаролигига эга бўлиш ва паспортни ҳужжатлаштириш масалалари билан мурожаат қилмаган”лигини ҳам эътиборга олиш керак эмасми?

- Мазкур жиддий далилларга қарамасдан Самарқанд вилоят ИИБнинг бошлиғи 2012 йил 29 июнда мени фуқароликдан маҳрум қилиш, кейинчалик эса рўйхатдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилди, - деб ҳикоя қилади мазкур ташкилотнинг собиқ терговчиси Хуршида Жалилова.

Шундан кейин у лавозимидан бўшатилади. Шу билан бирга икки фарзанди ҳам фуқароликдан маҳрум қилинади ва рўйхатдан чиқарилади. У катта қийинчилик билан ўзи текширув ўтказади. Рўйхатдан ўтиши ва Ўзбекистон фуқароси паспортини олишга рухсат берувчи 1994-1996 йилдаги архив ҳужжатлари Самарқанд вилояти архивида йўқолганини аниқлайди. Бу ҳужжатлар бошқа фуқароларнинг Самарқандда доимий рўйхатда туриш ҳуқуқини олиш билан боғлиқ кўплаб ҳужжатлари билан бирга, атайлаб йўқотилган бўлиши мумкинлиги маълум бўлади. Бинобарин, мазкур ишнинг қонунийлиги ёки ноқонунийлигини баҳолаш даргумон.

Айни пайтда адвокат Н.Абдуллаева Паспорт-виза ва рўйхат ишлари Ўш ҳудудий бўлимига сўровнома жўнатади ва Хуршида Жалилова паспорт органи ходимларининг сусткашлиги оқибатида яшаб турган жойидан ўз вақтида рўйхатдан чиқарилмаган, деган жавоб олади.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига биноан, бундай ҳуқуққа фақат мамлакат Президенти эга бўлгани ҳолда уни фуқароликдан қандай қилиб маҳрум қилишганини собиқ терговчи ҳалигача тушуна олмаётир.

Биз бу саволга жавоб топиш мақсадида Самарқанд вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига мурожаат қилдик. Ходимларнинг айтишларича, Жалилова эри ва фарзандлари билан, ўз хоҳишларига кўра эмас, балки Ички ишлар министрлигининг буйруғига кўра 1989 йилда Қирғизистон Республикасига кўчиб кетган. 1991 йилдан 1994 йилгача дастлаб Ўш шаҳридаги 2- ва 6-сонли мактабларда, кейин эса Ўзганда ўрта мактабда ўқитувчилик қилган. Бунга аниқлик киритиш мақсадида Самарқанд ИИБ томонидан Қирғизистон Республикасига яна сўровнома юборилди.

- Олинган маълумотларга кўра аниқланишича, Жалилова 1993 йил 12 октябрдан ҳозирги пайтгача Ўзган шаҳар, Скрябина кўчаси, 40/28 уйда рўйхатда туради, бу Ўзган шаҳар ИИБ томонидан 1993 йил 23 июнда берилган собиқ Иттифоқ паспорти билан ҳужжатлаштирилган, - деб тушунтиради Самарқанд вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори Шавкат Ҳамдамов. Унинг Қирғистонда доимий рўйхатда тургани, иш жойи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида”ги қонуни 1992 йилда кучга киргандан кейин Қирғизистондаги квартирадан рўйхатдан чиқмасдан Самарқандда рўйхатдан ўтганига оид барча маълумотлар тўпланди. Натижада вилоят ИИБ бошлиғининг тасдиқланган хулосасига биноан, Жалилованинг паспорти ва рўйхатдан ўтганлигини ноқонуний деб топишга оид қарор қабул қилинди.

Собиқ терговчининг эътирофига кўра эса, 1994-1996 йилларда фуқаролик масаласини ҳал қилишга оид ҳеч қандай маълумотлар яширилган эмас, бунинг устига бутун меҳнат фаолияти қайд этилган ягона меҳнат дафтарчаси мавжуд.

Фуқароликдан маҳрум қилишга оид қарор давлат раҳбари томонидан эмас, балки вилоят ИИБ бошлиғи томонидан имзоланганига оид саволга айни ўша Самарқанд вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси катта инспектори Шавкат Ҳамдамов шундай жавоб беради:

– “Ўзбекистон Республикаси Қонунига 2017 йилда киритилган ўзгаришларга биноан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тиклаш, ундан маҳрум қилиш масалалари фақат Президент ваколатлари доирасига киради. Лекин бу санагача Ички ишлар вазирлигининг буйруғига биноан, фуқароликдан маҳрум қилиш масаласи ИИВ ваколатлари доирасига кирган”.

Фуқароликни тиклаш эса илгари қандай бўлса ҳозир ҳам давлат раҳбари ваколатлари доирасида қолган, деб эътироф этади Самарқанд вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходимлари. Қисқаси, 2012 йилда қилинган ишларнинг ҳаққоний эканига ҳуқуқ-тартибот ходимларида ҳеч қандай шубҳа йўқ.

Бизнинг қаҳрамонимиз эса ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадида бош урмаган идораси қолмади ҳисоб. Бироқ ҳозиргача барча уринишлари самарасиз кетмоқда.

- Бу ноҳақлик азобини етти йилдан буён тортаяпман, - дейдиХуршида Жалилова. – Мен ишимдан ажрадим. Фарзандларим ҳам ишсиз. Паспортимиз йўқлиги учун ишга кира олмаймиз. Турмуш учун зарур маблағга эга бўлмай қандай яшаймиз?! Фарзандларим ҳаётларини йўлга қўя олмаяпти, уйлана олмаяпти. Каттаси – 31, кичиги 30 ёшда. Бу ҳақда ким бош қотиради? Энг асосийси, қайси айбимиз учун бундай муаммолар гирдобида қолишимиз керак? Икки фарзандим билан бева қолганимга қарамасдан ҳеч кимдан ҳеч қачон ҳеч қандай ёрдам сўраган эмасман. Бутун рўзғорни ёлғиз бошим билан, кечаю кундуз меҳнат қилиб тебратганман. Булар эса оёғимга, оиламиз негизига болта уришди. Ўзимга ачинмайман. Бироқ фарзандларим-чи?! Уларда нима айб?! 36 ёшимда бева қолганман. Афсуски, бу муаммоларга ҳеч ким эътибор бермаяпти, - дейди кўзларида ёш билан Хуршида Жалилова.

Бу ишда қатор мавҳумликлар бўлиб, уларни жиддий ўрганиш зарур. Агар Х.Жалилова томонидан хатога йўқ қўйилган, яъни олдинги яшаган жойидан рўйхатдан ўчирилмаган, қайсидир ҳужжатлар керакли тартибда расмийлаштирилмаган бўлса ҳам, наҳотки булар учун фақат бизнинг қаҳрамонимиз айбдор бўлса? Самарқанд вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасидагилар Хуршида Жалиловага фуқаролик бериш тўғрисидаги фармон ўз вақтида мамлакат президенти томонидан имзоланмаган, дея писанда қилаётирлар. Мамлакат президенти имзолаши керак эмасди ҳам! Бу борада ИИБ ходимлари айёрлик қилаяптилар, мазкур масалани ҳал қилишни пайсалга солаётирлар. Ахир, “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонуннинг 21-модда 1-бандига кўра, Х.Жалилова таваллудига биноан Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади, яъни у Ўзбекистонда туғилган ва вояга етган. Агар Ички ишлар органлари ўз эътирофларида ҳақли бўлсалар, ўша 2012 йилда ва кейинчалик Х.Жалиловани Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум қилиш тўғрисида давлат раҳбарига белгиланган тартибда таклиф киритишлари мумкин эди. Бироқ бундай қилинмаган. Агар шундай қилинганда, юқори ҳокимият ташкилоти томонидан текширувлар бошланарди, уларга эса ортиқча бош оғриғининг сира ҳам кераги йўқ. Бунинг устига унинг ота-онаси, шунингдек бобоси ва бувиси ҳам бизнинг мамлакатимизда туғилган, таваллудига кўра фуқаролик ҳуқуқини белгилашда бу ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу жиҳат ҳам муҳимки, унинг ўзи ҳам, фарзандлари ҳам ҳеч қачон бошқа мамлакат фуқароси бўлмаган. Буни Самарқанд вилояти ИИБнинг сўровномаларига Қирғизистон Республикасидан олинган жавобларнинг барчаси тасдиқлайди.

Мана шундай сўровларни расмийлаштиришнинг муайян тартиби илгари ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор, бу билан айнан ИИВ органлари шуғулланади. Агар ҳужжатларнинг барчаси белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган бўлса, бунинг учун нега ёлғиз бизнинг қаҳрамонимиз жавоб бериши керак? Алам қиладиган жиҳати шундаки, содда айтганда, айнан ҳамкасблари ўз ҳамкасбини, шунингдек ўз ҳамкасбларининг бевасини оғир аҳволга солиб қўйганлар, қолаверса масаланинг моҳиятини англашга биров ҳатто уриниб ҳам кўраётгани йўқ. Бунинг келгусидаги ҳуқуқий оқибатларини нима учун ҳеч ким ўз пайтида ўйламади, ахир катта терговчи бўлиб ишлаб юрган пайтларда Х.Жалилова жиддий ҳуқуқий қарорлар қабул қилган эди-ку?

Х.Жалилова Қирғизистондан қайтиб келганидан кейин Самарқандда йигирма тўрт йил узлуксиз яшаганини, шундан олти йил мобайнида ички ишлар органларида сидқидилдан хизмат қилганини наҳотки ҳисобга олишмаган?

Президентнинг виртуал қабулхонаси ишлай бошлаганидан буён Х.Жалилова мамлакатнинг ваколатли органларига ўз дарди билан қарийб йигирма марта мурожаат қилди. Унинг аризаси ҳар гал айнан вилоят ИИБга ёки “келиб-кетиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига”, эндиликда эса Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармасига юборилмоқда. Ҳар сафар гўё кўчирмакашлик қилингандек, ғайриинсоний совуққонликка йўғрилган қуруқдан-қуруқ жавоблар олинмоқда, сўнгги пайтларда эса “бу мурожаатга илгари жавоб берилган” деган жавоб билан чекланмоқдалар. Беихтиёр бу жавобларни муайян мансабдорлар ва масъулиятли шахслар эмас, аллақандай қалбсиз, жонсиз мавжудотлар ёзаётгандек тасаввур пайдо бўлаётир.

Ниҳоят ўтган йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқармаси раҳбарияти Х.Жалилованинг виртуал қабулхонага мурожаатларига жавобан доимий яшаш жойида фуқаролиги бўлмаган шахс сифатида расмийлаштиришни ва шундан кейин Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида”ги қонунининг 17-моддасида кўрсатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун ариза беришни таклиф қила бошлади. Мазкур ташкилотнинг бу таклифига жиддий эътироз бор. Бинобарин, фуқаролиги бўлмаган шахс мамлакатда яшаётганига беш йил тўлгандан кейин Ўзбекистон Республикаси “Фуқаролик тўғрисида”ги қонунининг 17-моддаси 2-қисмига биноан тегишли ҳужжатларни тўплаши ва Ўзбекистон фуқаролигини олишга даъво қилиши мумкин. Қолаверса, мазкур илтимосни қондириш-қондирмасликлари ҳам олдиндан маълум эмас.

Х.Б.Жалилованинг аризалари, шикоятларини текшириш юзасидан кўпдан-кўп комиссияларни ташкил қилиш асносида барча мансабдор шахслар кейинги етти йил давомида юқоридаги “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасини хаёлига ҳам келтирмаётгани кишини ажаблантиради. Ҳолбуки, мазкур Қонуннинг 10-моддасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланган шахснинг хорижий давлатлар фуқароси экани тан олинмайди” деб тушунарли қилиб ёзиб қўйилган. Жуда яхши эслатма! Гап йўқ, қонуншуносларга раҳмат!

Шундай экан, токи бу қоидани ҳеч ким инкор этмас экан, ИИВ органлари нима учун бу моддани Х.Жалилова билан рўй берган ҳолатда қўлламаяпти? Бу мамлакат қонунчилигидаги жуда муҳим қоидани рад этиш эмасми? Мамлакат қонунчилиги бошқа давлат фуқаролигини тан олмайдиган ҳолатда давлат органлари ўз расмий жавобларида “Сиз, муҳтарама Хуршида Батировна, бошқа мамлакатнинг фуқароси ҳисобланасиз”, деб ҳамиша баҳона қилишлари уларга ярашадиган жавобми?

ИИВнинг айби ва хатоси айни мана шу жойда яққол кўзга ташланади! Ахир, 1996 йилдан 2012 йилгача барча ҳужжатларга кўра Х.Жалилова Ўзбекистон фуқароси бўлган ва буни тасдиқлайдиган паспорт ҳам қўлида бўлган. Уни рўйхатга қўйиш ҳам, паспорт олишини расмийлаштириш ҳам бундай ҳолатларда қилинадиган барча текширувларга биноан амалга оширилган. “Атайлаб ёлғон маълумотлар ёки сохта ҳужжатлар тақдим этган ҳолда” паспорт олгансан деб Х.Б. Жалиловага ҳозиргача бирорта ваколатли орган таъна ҳам қилмаяпти, уни айбламаяпти ҳам. Шундай муттаҳамлик билан паспорт олганлар “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси 3-бандига биноан фуқароликдан маҳрум қилинади.

Хуршида Жалилованинг аризаю шикоятлари ўз ечимини топади, деб умид қиламиз. Ўз ватанига ўн беш йил сидқидилдан хизмат қилган собиқ терговчи, ИИВ ходимининг беваси, икки фарзанднинг онаси, уларни бева боши билан тарбиялаб элга қўшган бу аёл етти йилдан буён ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклашга уринаётир. Унинг асосий нияти лоақал ўз фарзандларига меҳнат қилиб, ҳозир ислоҳ қилинаётган мамлакати ривожланишига муносиб ҳисса қўшишлари, оила қуришлари, бахтиёр ҳаёт кечиришлари учун имконият яратишдан иборат. Улар бир неча йиллардан буён ўз ватанларида ўзларини камситилган ва кераксиз кимсалардек ҳис қилишларига шу тариқа ниҳоят барҳам берилади...

Зарина Амритдинова,

Раҳимжон Султонов.

“Ҳеч қаерда нашр этилмаган идоравий ҳужжатлар Қонун ва Конституциядан устун бўлиб қолмоқда”

Gazeta.uz фотоси.

“Халқ сўзи” газетаси илтимосига биноан, Х.Жалилова билан боғлиқ вазиятни “SIMAY KOM” адвокатлик фирмаси раҳбари, таниқли ҳуқуқшунос Сергей Майоров шундай шарҳлади:

"Жалилова Х.Б. иши билан бевосита танишган эмасман. Лекин адвокатлик тажрибамдан биламанки, олдин ҳужжатлаштирилган, кейин эса турли важ-карсонлар билан Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинган бундай шахслар мамлакатимизда жуда кўп.

Ички ишлар органлари фуқаролик масалаларини кўпинча рўйхатга қўйиш ва чиқариш тартиби билан боғлайдилар, ҳолбуки бу икки масала бир-бири билан ҳеч қандай боғлиқ эмас. Бунда ИИВ органлари амалдаги идоравий ҳужжатлар ва инструкцияларни рўкач қиладилар. Бироқ мазкур ҳужжатлар ва инструкцияларни биз Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари миллий базасидан топа олмаймиз. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунининг 27-моддаси 2-қисмига кўра, “Вазирликларнинг давлат рўйхатидан ўтмаган ҳуқуқий-норматив ҳужжатлари тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди ва ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди”.

Бунинг устига, юқоридаги Қонуннинг 28-моддаси 1-қисмига кўра, “Ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилинган бўлиши керак. Расман эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч кимга нисбатан ҳукм чиқарилмайди, жазога тортилмайди, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳақ-ҳуқуқидан маҳрум қилинмайди”. Энди мамлакатимизнинг Асосий қонуни – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мурожаат қиламиз. Ўзбекистон Конституциянинг 16-моддаси 2-қисмида шундай дейилган: “Конституция нормалари ва принципларига ҳеч бир қонун ёки бошқа бирон-бир ҳуқуқий-норматив ҳужжат зид бўўлиши мумкин эмас”.

Яна қўшимча қиладиган бўлсам, 2012 йил ноябрда “Ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга тўлдиришлар ва ўзгартиришлар киритилган, айни Қонунда “давлат бошқаруви органларига мазкур Қонунга зид ҳуқуқий-норматив ҳужжатларни қайта қўриб чиқиш ва бекор қилишни таъминлаш” кўрсатмаси берилган. Хуллас, мамлакатимиз Конституцион суди, шунингдек қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга тегишли органлар бу борада жиддий бош қотиришлари керак. Мамлакатимизда айни кунларда кўплаб хайрли ўзгаришлар рўй бермоқда, айбсиз ҳукм қилинганлар оқланмоқда ёки яқинда Тошкент шаҳар судида бўлганидек, ноҳақ жиноий жавобгарликка тортилганлар бевосита суд залида озод қилинмоқда. Бинобарин, 1992 йилда қабул қилинган “Фуқаролик тўғрисида”ги Қонуннинг бундан буён амал қилиши масаласига ҳам жиддий ёндошиш керак.

Давлат ва ижтимоий ҳаётни либераллаштириш кўламлари фуқаролик билан боғлиқ масалаларни ҳам қамраб олиши зарур. Қолаверса, амалдаги қонунчилик имкониятларидан ҳам тўла-тўкис фойдаланилмаяпти. Юртдошларимизнинг жиддий ҳаётий масалаларини мазкур қонун доирасида ҳам ҳал қилса бўлади. Бунга ишончим комил, бу эса жамият учун ҳам, давлат учун ҳам жуда хайрли иш бўлади".

2019-02-07 17:40:05  |  368 |   0  | 

0 изоҳлар



Изоҳ қолдириш







Кириш Регистрация
Парольни унутдингизми?
Кириш Регистрация
Кириш Регистрация
Регистрация